Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида бир қатор туман ва шаҳарлар, хусусан Боёвут туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари муҳокама қилинди

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мазкур ҳудудларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишида қарийб 2,8 трлн сўмлик 391 та Инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 5,4 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган тадбирлар доирасида 25 та мактабгача таълим ташкилоти, 29 та умумтаълим мактаби ва 21 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 3 та касб-ҳунар коллежи бинолари ҳамда 6 та маданият ва спорт обектида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Мажлис жараёнида дастурлар доирасида тадбирларни амалга оширишда айрим муаммоли масалалар ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси ҳисобидан давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган Боёвут туманидаги 10 км йўлларни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун белгиланган маблағлар тўлиқ ажратилмаган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 1,6 трлн сўм бўлган 55 та Инвестисия лойиҳасининг ижроси таъминланмаган. Оқибатда 5,1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилмасдан қолган.

Дастурлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида муддати кечиктирилган 55 та Инвестиция лойиҳасини ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чорасини кўриш, бунда ташаббускорлар томонидан рад этилиб, истиқболсиз деб топилган лойиҳалар ўрнига янги лойиҳаларни шакллантириш зарур.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини қуриш бўйича тадбиркорлик субектларини фаол жалб қилган ҳолда манзилли рўйхатларни шакллантириш мақсадга мувофиқдир.
Муҳокамалар якуни бўйича мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

                                            Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan