Боёвут туманида 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида эълон қилинган “Ташаббусли бюджет” жараёнида 6 та объект бўйича ташаббуслар ғолиб бўлган

Кўпчиликнинг хабари бор, мамлакатимизда Маҳаллий бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш амалиёти босқичма-босқич амалга татбиқ этилиб келинмоқда.

2021 йил ёзида Молия вазирлиги давлат бюджети ва қарзини шаффофлаштирувчи янгиланган “Очиқ бюджет” (openbudget.uz) платформасини ишга туширган эди. Платформа ичида “Ташаббусли бюджет” бўлими ҳам ишга тушди.

Ушбу бўлим орқали фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуд инфратузилмасини яхшилашлари, хусусан ичимлик суви таъминоти, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўллар, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этиб келишмоқда.

Боёвут туманида ҳам ўтган бир йил давомида фуқароларнинг кўплаб ташаббуслари ушбу тизим асосида молиялаштирилди.

Аввало, «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га жамғарилган маблағлар хусусида тўхталадиган бўлсак, 2022 йил бошига Боёвут туманида 2021 йилдаги ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнидан 19 млн 450 минг сўм маблағ қолдиқ қолган.

2022 йилда ўтказиладиган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5072-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда жорий йил учун тасдиқланган туман маҳалла бюджети маблағларининг 5 фоизининг ярмидан кам бўлмаган, яъни 2 млрд 945 млн сўм маблағ, ундан ташқари маҳаллий бюджетнинг 2021 йил 3-чораги даромадларининг харажатлардан ошириб бажарилган қисмидан 185 млн 400 минг сўм, шунингдек, маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 241 млн 500 минг сўм, ҳаммаси бўлиб 3 млрд 371 млн 900 минг сўм жамғарилди.

Бундан ташқари Президентимизнинг 2022 йил 7 апрелдаги ПҚ-197-сонли қарорига асосан ҳар бири 2 мингтадан кўп овоз тўплаган 3 таклиф учун  қўшимча равишда 2 млрд 940 млн сўм маблағ ажратилди.

Буларнинг натижасида туманнинг “Ташаббусли бюджет” жамғармасида ҳаммаси бўлиб 6 млрд 311 млн 900 минг сўм маблағ шакллантирилишига эришилди.

2022 йилнинг 1-ярим йиллиги даврида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларнинг энг кўп овоз тўплаган 6 та таклифи ғолиб деб топилди ва ушбу таклифларнинг 5 тасини молиялаштириш учун  5 млрд 321 млн 900 минг сўм йўналтирилди. Ҳудудгаз Сирдарё газ таъминотининг 2022 йил 23 апрелдаги № 36-01-08-57/999-сонли хулоса хатига асосан Марказ маҳалласини газлаштириш таклифи рад этилганлиги ҳисобига 990 млн сўм миқдоридаги маблағ жамғармага қайтарилди.

Ҳозирги кунгача тадбирларни амалга ошираётган пудратчи ташкилотларга бажарилган ишлар учун 473 млн 800 минг сўм маблағ тўлаб берилди. Шундан 449 млн 900 минг сўми 2 та таклиф – 8 ва 37-мактабларнинг жорий таъмири учун пудрат ташкилотларига тўланган маблағ ҳисобланади. Қолган маблағ пудратчилар томонидан бажарилган ишларга мувофиқ босқичма-босқич тўлаб борилади. Шу билан бирга “Маънавият” маҳалласидаги ички йўлларнинг таъмирлаш бўйича 1 та таклифни лойиҳалаштириш ва уни экспертизадан ўтказиш харажатлари учун 23 млн 300 минг сўм маблағ тўлаб берилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan