Боёвут тумани ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Хуснора Бердиёрова “Оқила аёллар” ҳаракати туман кенгаши аъзоларининг оила институтини мустаҳкамлаш ва ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш бўйича туман аҳолисига мурожаатини ўқиб эшиттирди

Ҳурматли туманимиз аҳолиси, қадрли ота-оналар, азиз ёшлар!

Азал-азалдан халқимизда оилавий қадриятлар эъзозлаб келинади, оила муқаддас маскан эканлигини, унда униб-ўсаётган фарзандлар таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканлигимизни қалбан ҳис қиламиз.

Бу борада давлатимиз халқимизнинг тинч ва тоув бекам-у кўст, ҳар қандай мамлакат фуқароларидан кам бўлмаган ҳолда яшашлари учун инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Афсуски, бугунги кунда айрим оилаларнинг арзимаган сабаблар билан ажрашиб кетаётганлиги ачинарли ҳолат. Статистик маълумотларга кўра, вилоятимизда жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида туман ва шаҳарларда 1605 та никоҳ, 778 та ажримлар қайд этилган бўлиб, ажримлар кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 180 тага ошганлиги оғриқли нуқта бўлиб турибди.

Оила деб аталмиш муқаддас даргоҳда инсоннинг келажаги, ғурури, ор-номуси, зурриётлари ва авлоди дунёга келади. Инсон борки, ўзидан кейин номи ўчмаслиги учун, авлоди давом этиши учун кексайганда суянчиқ бўладиган, бемор бўлганида эса парвариш қиладиган, кўзининг қувончи бўладиган фарзандларга ва уни оқ ювиб оқ тарайдиган аҳли оиласига, ҳатто дунёдан ўтганида ҳам орқасидан тиловат ва эҳсонлар қилиб, “ота-онамни раҳматингга олгин”, деб дуолар қилиб турадиган фарзандларга муҳтож бўлади.

Токи ҳаёт эканмиз, мол-дунё каби ўтки нарсаларни топишнинг имкони бор. Лекин ҳар қандай лаззат фарзанд ёки набира ўрнини боса олмайди. Шунданми, халқимиз набираларни суяркан, “Ўригидан данаги ширин”, дея таъкидлайдилар. Шундай суюкли фарзандларни, бахтли ҳаётни, кексайганликдан ташқари вафотидан кейин ҳам уни манфаати йўлида хизмат қиладиган фарзандларни вақтинчалик маишат ёки куч-қувватнинг борида, ҳали ёшман, ҳамма нарса қўлимдан келади деб ўз бахтига ўзи чанг солиб алданиб, қоқилиб-сурилиб юрган кимсаларнинг борлиги сир эмас.

Ажрим қайд этилди, ҳам дейлик. Ҳар кунлик жанжаллардан тўйган хотин, қулоғи тинчиганидан қувонган эр ўзининг оналик, оталик масъулияти ҳақида ўйладими? Йўқ, фақатгина ўзини ва ўз тинчлигини ўйлади, ажримга йўл қўйди. Аммо икки орада сарсон қолган, ота ёки она меҳрига зор бўлиб бировни еганига, бировни ичганига, бировни кийганига ҳавас қилиб ота ёки она меҳрига зор фарзандлар тақдири нима бўлади? Уларни ким ўйлайди?

Ахир фарзанд юракнинг қонидан бўлади. Ўз юрак қонидан бўлган фарзандни ташлаб қўйиб вақтинчалик ҳою-ҳавасга берилиб, осмонларда учиб юрган ота-оналар ухлаб ётган ғафлат уйқусидан уйғониб, ўз фарзандларига ва аҳли аёлига эгалик қилиши лозим. Чунки дунёга келган фарзанднинг айби йўқ. Барча айб дунёқараши паст, илмсиз, фарзанд уволидан қўрқмайдиган ота ёки онада. Оила бўлиб яшаш қадрига етмаган, ҳаётнинг оғир-енгилига бардош бера олмаган эр-хотинда!

Аслида ўз оиласида тинч-тотув яшаган, аввало инсоний ҳурмати-ю бурчини чуқур англаган, яқинлари, жигарларини иззат қилган киши жамиятда ҳам, ўзининг мўъжаз ватанида ҳам тинчлик-осойишталик ўрнатиш учун курашади ва бунинг минг бир иложисини топади. Ахир уй, оила деганда фақат уй-жой, мол-мулк тушунилиши керак эмас. Булар оила ҳаёт кечириши учун зарур воситалар холос. Оила эркак ва аёлнинг эр-хотинлиги, оталиги, оналиги, болалар тарбиясини таъминловчи муҳим даргоҳ.

Оила қуришда биз бошқа миллат вакилларидан эмас балки ота боболаримиздан ибрат олсак яхши бўлади. Ота боболаримиз уйида электр чироғи, ичимлик сув қувури, пультли телевизор, диван-кресло, қимматбаҳо мебеллар-у, тилла суви югуртирилган идишлар, инсонни бошдан оёқ кўрсатадиган кўзгу, тўрт фаслда тўлиқ кийиладиган кийим-кечак, энг сўнгги русумдаги мобил гаджетлар, қўйинг-чи рўзғор юмушларини енгиллатадиган маиший техникалар-у, ҳатто уйида хизмат қиладиган оқсочи бўлмаган. Уларда виждон, сабр-тоқат, садоқат, фаросат, одоб, ҳаё, илм, сопол чойнак, сандал, лойдан қурилган кулба, тўрт фаслга етадиган иккита кийими бўлган. Лекин улар жуда тотув ва бахтли яшаган. Ҳатто бирор фарзанди урушда ёки бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этса акасининг аёлини укасига никоҳлаб берган, фарзандлари бўлса қабул қилиб, уларга оталик вазифасини бажарган. Акасини етими хор-у зор бўлмасин, бировга қул ёки гап-сўз бўлмасин, қийналмасин, бизни оримиз деб тул ёки бева аёлни кўчага ирғитиб юбормаган.

Ажралаётган оила кимнингдир акаси ёки укаси ёки опасининг ёки синглисининг, нари борса жиянларининг оиласи бўлиши мумкин. Жигарларини оиласини бузилиб кетишини кўра-била туриб бепарво юрган кишилар бу муаммони яна бир бор ўйлаб кўрсалар, нур устига аъло нур бўлар эди.

Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ҳамда оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улар муросага келтирилмоқда. Бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳаж зиёратини адо этган отахон ва онахонлардан иборат кайвонилар бириктирилмоқда. Нотинч оилалар билан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Халқимизда “Қушнинг ҳам ини бузилмасин” деган гап бор. Ота-боболаримиз ана шундай оилапарвар, олижаноб инсонлар бўлишганки, хатто қушнинг ҳам ини бузилишини истамаган. Биз ҳам уларга муносиб авлод бўлайлик, оиламизни, теварак-атрофимиздагиларнинг, қўшнимиз, маҳалламиздаги ҳаётга енгил қараётган оилаларни тўғри йўлга бошлайлик, ажримларга йўл қўймайлик, бегуноҳ норасидаларни ота ёҳуд она меҳридан жудо қилмайлик.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan