
Мамлакатимизда демократик ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб масалалардандир.
Бу борада Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгаши котибияти, Кенгаш ҳузуридаги «Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия»си аъзолари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази масъуллари иштирокида туманда фаолият юритаётган «Стелло Мода» МЧЖнинг тикув фабрикаси фаолияти ўрганди.

Депутатлар ушбу фабрикада ишлаётган хотин-қизлар учун яратилган шароит, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, корхона раҳбарлари ва ишчилар билан суҳбат қилиб, соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши борасида тадбиркорлардан таклифлар олинди.

Таъкидлаш жоизки, депутатлар назоратини фаол амалга ошириш енгил саноат, айниқса тўқимачилик саноати корхоналарида фаолият кўрсатаётган бир неча юзлаб хотин-қизларнинг меҳнат шароитларини янада яхшилаш, муаммоларини ҳал этиш ва ҳуқуқлари таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.
Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.