«Президентни кўрсангиз Зомин йигитидан салом ва раҳмат айтинг! Қўрқманг, айтаверинг»

Хотира ва қадрлаш куни яқинлашмоқда. Шу муносабат билан бугун вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ғофуржон Мирзаев, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Боёвут туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ускан Хожимановнинг хонадонида бўлиб, байрам билан табриклади. 

Вилоят ҳокими уруш фахрийсига мамлакатимиз Президентининг табригини ўқиб эшиттирди ва бир марталик пул мукофотини топширди.

«Сизни жонажон Ватанимизда кенг нишонланаётган улуғ айём — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк галабанинг 77 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят мамнунман.

Сизнинг кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг мард ва фидойи фарзандлари қаторида бутун инсониятни фашизм балосидан халос этиш йўлида кўрсатган қаҳрамонлигингиз, улкан ирода ва матонатингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун чинакам ибрат ва ватанпарварлик намунасидир», – дейилади Президент табригида.

Ушбу кўрсатилган эътибордан мамнунлигини яшира олмаган Ускан ота Хожиманов юзида табассум ва шукроналик билан дуога қўл очар экан, вилоят ҳокимига қарата «Президентни кўрсангиз Зомин йигитидан салом ва раҳмат айтинг! Қўрқманг, айтаверинг» – деди.

Ускан Хожиманов 1926 йил Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. 1943-1945 йиллар давомида Беларусиядаги шиддатли жангларда иштирок этган. 

Урушдан сўнг Боёвут туманидаги 2-Боёвут хўжалигида иш бошлаган. У 1955-1960 йиллар мобайнида хўжаликда раҳбарлик қилган ва унинг бугунгидек гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшган давлат арбоби Усмон Юсувопнинг ҳайдовчиси бўлган. 

97 ёшни қаршилаётган Ускан ота 4 ўғил ва 3 қизни вояга етказган. 46 неваранинг суюкли бобоси.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan