1- майдан кимларнинг пенсия ва нафақасига 1 фоиз қўшимча тўлов жорий қилинди?

Пенсия, нафақа, компенсасия ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш ва етказиб беришда фуқароларга қулайликлар яратиш, тўлов тизимининг замонавий усулларини кенг жорий қилиш ва ушбу соҳага замонавий ахборот-коммуникасия технологиялари турларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 апрелдаги «Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсасиялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-198-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йил 1 майдан бошлаб пенсиялар, нафақалар, компенсациялар, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулларини банк карталари орқали олувчиларнинг пенсия ва нафақа миқдорларига 1 фоизлик қўшимча тўлов тўланиши жорий қилинади, яъни пенционерларнинг банк карталарига 1 фоиз ортиқча пул келиб тушади.

Маълумки, фуқаролар банк картаси орқали маблағларни (жумладан пенсия ва нафақаларни) банкомат орқали нақдлаштиришда улардан 1% банк хизмат ҳақи ушлаб қолинмоқда. 2022 йил май ойидан бошлаб пенсия ва нафақаларни банк картаси орқали олувчиларга 1 фоиз қўшимча бериш орқали фуқароларнинг ушбу харажатлари қопланади. Яъни, фуқаро пенсия ва нафақаларни банкоматлардан нақдлаштириб олаётганда, қўшиб берилган 1 фоиз ечиб олинади ва бунда фуқаронинг пенсия миқдорига тегинилмайди.

Бунда, фуқаро пенсия ва нафақа пулини нақдлаштирмаса ёки савдо ва кўрсатилган хизматлар учун банк картаси орқали хисоб-китоб қилинса ҳам 1 фоизлик устама фуқародан қайтариб олинмайди ва унинг ҳисобида қолдирилади.

Пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида олувчиларга маблағлар Халқ банки сайёр кассалари томонидан етказиб берилиши давом эттирилади. Бунда, ушбу тўловларни фуқароларга етказиб берилганлиги учун Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига 1 фоиз хизмат ҳақи тўланади, яъни фуқаро Халқ банкига ўз ҳисобидан ҳеч қандай хизмат ҳақи тўламайди.

Ушбу қўшимча тўловлар учун жорий йил фуқароларга Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 168,6 млрд сўм ва Республика буджетидан 42,6 млрд сўм жами 211,2 млрд сўм қўшимча маблағлар ажратилади.

Эътибор беринги, юқоридаги 1 фоизлик харажатлар пенсия ва нафақа олувчилар томонидан амалга оширилмайди ва Пенсия жамғармаси ва республика буджетидан молиялаштирилади.

Шунингдек, Қарорга мувофиқ пенсия ва нафақалар, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» ҳисобидан моддий ёрдамлар, меҳнат органларидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга моддий ёрдамлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ва ушбу тўловлар Халқ банки сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказиб берилади.

Бундан ташқари, Халқ банки сайёр кассалари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига борган ҳолда фуқароларнинг розилиги асосида пенсия ва нафақаларни уларнинг банк карталаридан нақдлаштириб бериш тизими жорий этилади. Шунингдек, Қарорга мувофиқ Халқ банки томонидан 2022 йилнинг октабр ойига қадар олис туманларда 1 800 та банкоматларни ўрнатилиши белгиланган бўлиб, бу орқали чекка ҳудудларда фуқароларга банк хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Боёвут тумани Буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan