Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг гарови

Президентимиз раислигида 15 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилда мева-сабзавот етиштириш ва ички бозорни маҳсулотлар билан таъминлаш орқали нарх-навони барқарорлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш юзасидан қатор топшириқлар берилган эди. Унда давлатимиз раҳбари деҳқонларни энг қийнайдиган масала сифатли уруғ топиш ва етиштирган маҳсулотини сотиш эканини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш, маҳсулотни кафолатли сотиб олиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Бугун Боёвут туманида бўлиб ўтган семинарда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Муҳтарам Президентимизнинг юқоридаги топшириқлари асосида тумандаги 1230 гектарга яқин боғларда қатор орасига, шу билан бирга фермер хўжаликларининг экин ерларидаги фойдаланилмаётган майдонларга, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларига биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига кирувчи қишлоқ хўжалиги экинларини экишни юқори савияда ташкил қилиш механизмлари хусусида гапирди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Муҳратам Президентимиз топшириғидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозир сизлар билан бир ёқадан бош чиқариб, бўш майдонларда асосий турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришимиз вилоятимизда аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, энг асосийси нарх-наво барқарорлигини сақлаб туриш имконини беради, – дея таъкидлади вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. — Сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уни заҳирага ғамлаш ва уни қайта ишлашга қилишга жиддий ёндошишимиз керак!

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Шунингдек, вилоят ҳокими тумандаги илғор фермерлар томонидан экин ерлари четида фойдаланилмаётган майдонларни ўзлаштириш бўйича тажрибалари ҳақида тўхталиб, қолган фермерларга ҳам дала четидаги бўш ерлардан оқилона фойдаланган ҳолда соя, картошка, пиёз ва сабзи экишни ташкил тўғрисида кўрсатмалар берди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Семинар давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Абдурахманов, вилоят фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агeнтлигининг вилоят бўлими масъуллари боғ майдонига сув тежовчи суғориш технологияларни жорий қилиш учун назарда тутилган субсидиялар, янги боғ, токзор ва иссиқхоналар барпо этиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш объектларини яратиш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот беришди.

Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга уруғлик, минерал ўғитлар ва ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилиши ҳам тушунтирилди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Маълумот ўрнида, жорий йилда туманда 2510 гектар шахсий томорқаларға, 456 гектар боғ қатор орасига полиз ва савбзавотлар экилган бўлса, 2015 гектар асосий майдонда соя, картошка, пиёз ва сабзи маҳсулотлари етиштирилиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 900 гектарга соя, 475 гектарга картошка, 115 гектарга пиёз ва 200 гектарга сабзи экиб бўлинди.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan