Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралованинг қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан табрик сўзи

Ассалому алайкум азиз меҳнаткашлар!
Азму шижоатли захматкаш соҳа ходимлари!

Аввало, барчангизни, бутун туманимиз аҳлини қутлуғ айём — Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган касблардан бири ҳисобланади.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда «Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир» — десак, айни ҳақиқатдир.

Сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамиздаги экологик муаммолар ҳамда ўтган йилги пандемия оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлди.

Бироқ, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган туманимизнинг деҳқон ва фермерлари ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда.

Ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Сизларга бахт-саодат, оилавий хотиржамлик, фаровонлик тилайман.

Барчангизга касб байрами муборак бўлсин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan