Боёвут тумани ҳокими Уралова Дилфуза Джуманованинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар!
Ҳурматли тумандошлар!

Боёвут туманида 132 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туманимизда 39 та маҳалла мавжуд бўлса, ундаги хонадонлар сони 21 мингтани ташкил қилади. Ҳисоб-китобларимиз шуни кўрсатяптики, хонадонларнинг 15 минг 200 таси, яъни 72,4 фоизи қишлоқ аҳоли пунткларида жойлашган ва унда 3 минг 643 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд.

Шунингдек, аҳолимизнинг 76 минг нафари ёки 57 фоиздан ошиғи меҳнатга лаёқатли бўлса, шундан 60 минг 600 нафари ёки меҳнатга лаёқатлиларнинг 86 фоизи доимий иш билан таъминланган. Яна 8 минг 400 нафари норасмий сектор меҳнат қилади. Ўз ўзидан маълумки қолган 6 минг 992 нафари ишсиз фуқаролардир.

Туманда мавжуд 3 мин 643 гектар томорқа ер майдонларидан 2022 йил ҳосили учун 172 гектарида боғ,
34 гектарида узум, 13 гектарида иссиқхона, 1228 гектарида сабзавот, 260 гектарида полиз, 165 гектарида дуккакли, 54 гектарида мойли ва 1 717 гектарида бошқа экинлар етиштириш белгиланган.

Шу билан бирга аҳоли хонадонларида 7 минг 613 бош қорамол, 6 минг 228 бош қўй-эчки, 2 минг 733 бош қуён, 140 минг 760 бош парранда ва 2 минг 659 та уяда асалари парваришланмоқда.

Ҳурматли Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 ноябрь куни ўтказилган селектор йиғилишида аҳоли
томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштириш, хонадонларда 100 бошдан парранда, 5 бош қўй ёки эчки, 20 та қуён, 5 та уяда асалари боқишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Давлат раҳбарининг юқоридаги топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан ўзим бошчилигимда ва сектор раҳбарлари ҳамда тегишли маъсул туман ташкилотлари раҳбарлари масъулиятини икки баробар ошириб, аниқ чора-тадбирлардан иборат “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқдик.

Унга кўра “Ҳар бир оила – тадбиркор” тамойили бўйича ҳоким ёрдамчилари кафиллиги асосида аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилади.

Хусусан хонадонларга 100 бошдан жами 50 минг бош парранда боқишни ташкил этиш учун четдан наслли хонаки товуқ тухумини олиб келиш ва аҳоли хонадонларида кооперация усулида тухум етиштириш учун тадбиркорлар танлаб олиниб, уларга 6 МФЙдаги 312 хонадонлар номма-ном бириктирилади ва жўжа ишлаб чиқарувчи 50 та инкубатория фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу инкубаторияларда наслли товуқ тухумларидан жўжа чиқариш, 3-4 ой махсус биноларда боқиш ташкил этилиб, келгуси йил баҳор ойидан аҳолига эмланган ва соғлом хонаки товуқ етказиб бериш назарда тутилган.

Шу билан бирга тумандаги мавжуд 2 та қуёнчилик кооперациялари сонини 5 тага кўпайтириб, четдан олиб келинган наслли оналик қуёнларидан кўпайтиришни йўлга қўйиш орқали 200 та хонадонга имтиёзли кредит асосида оналик қуёнлари етказиб берилади.

Чорвачилик йўналишида ҳам аниқ чора-тадбир белгиланганбўлиб, аҳоли хонадонларида қўй-эчки ва қорамол, яъни соғин сигир боқишни ташкил этиш учун туманда мавжуд 8 та наслли чорвачилик хўжаликларида парвариш қилинаётган қорамол ва қўй-эчкилар етказиб бериш бўйича маҳаллалар ҳамда хонадонлар номма-ном бириктириб берилади.

Юқоридаги парранчалик, қуёнчилик ва чорвачилик билан шуғулланиш имконияти мавжуд хонадон эгаларининг наслли чорвачилик хўжаликлари билан шартномалар тузиш, имтиёзли кредит олиши ва уни молиялаштирилиши маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан назоратга олинади.

Ундан ташқари туманда мавжуд 5 та асалари хўжаликларида 2022 йил баҳор ойларидан бошлаб асалари пакетлари кўпайтирилади ва хонадонларга кредит асосида тарқатилади. Бунда ўрмон хўжалиги ва бошқа тадбиркорларни жалб қилган ҳолда асалари учун яшикларни ишлаб чиқариш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Буларнинг барчаси туман бўйича ташкил этиладиган “Лойиҳа офиси” орқали назорат қилинади. Ҳар бир маҳаллада парранда, қуён, чорва ва асалариларни етказиб бериш учун мобил тарқатиш ва маҳсулотларни йиғиб олиш хизматлари фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун 8 та чорвачилик, 6 та паррандачилик, 5 та қуёнчилик ва 5 та асаларичилик кластерлари ташкил этилади.

Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги 20-сонли қарорига мувофиқ жорий йилда паст ҳосилли пахта ва ғалла экинлари қисқартирилиши ҳисобига 833 гектар ер майдони заҳирага қайтарилмоқда. Ушбу ер майдонлари 2022 йилда темир, ёшлар ва аёллар дафтарида турган фуқароларга 0,25 гектардан
1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида берилади.

Яна бир муҳим ва долзарб бўлиб турган ташаббус – “Яшил макон” умуммиллик лойиҳасига тўхталадиган бўлсам, туманимизда 2 млн туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экишни режа қилганмиз. Ушбу кўчатларнинг Ноябрь-декабр ойларида 727 мингтаси экилса, 1 млн 212 минг донаси баҳорги кўчат экиш мавсумида экилади.

Яшил маконлар ташкил қилиш учун майдонларни танлаб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан:

90 киллометрга яқин умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ёқасига 53 минг туп;

қишлоқ хўжалиги ерларида иҳота дарахтзорлари барпо этиладиган ерларда 66 минг туп;

фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 300 минг туп;

ижтимоий соҳа объектлари ва ташкилотлари ҳудудларида 251 минг туп;

корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳа объектлари ҳудудларида 326 минг туп;

тумандаги ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудлар ва объектларда 365 минг туп;

маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 577 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар экиш учун жой танланган.

Туманимиз иқлимини ўзига хос хусусиятлари бор. Шу сабабли туманимизнинг иқлим шароити ва мелиоратив ҳолатидан келиб чиқиб, асосан шумтол, акация, тут, павлония, япон сафораси, терак, чинор, эман ва тут дарахти кўчатлари, мевали дарахтлардан жийда, ёнғоқ, беҳи ва узум кўчатларини танлаб олдик. Шу бирга келгуси йилларга замин яратиш учун
9 мингтадан ортиқ манзарали дарахт қаламчаларини экиш ҳам назарда тутилган.

Лойиҳа эълон қилинган кундан буён 677 минг 330 та кўчат экиб бўлинди. Шундан 76 минг 100 тасини мевали кўчатлар ташкил этади. Шу ўринда мазкур лойиҳада аҳоли вакилларини ҳам фаоллигини алоҳида эътироф этишим керак. Негаки шу кунгача экилган мевали кўчатларнинг қарийб 80 фоизи фуқаролар ҳиссасига тўғри келади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, халқимизни ушбу лойиҳада фаол қатнашиб, кўчат экишга чақириб қоламан. Яхши ният билан томорқа майдонларига экилган кўчатлар келгусида улкан дарахт бўлиб яшнаб туриши теварак-атрофга кўрк улашсин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan