Умумий маълумотлар

БОЁВУТ ТУМАНИ

Туманнинг ташкил топиши бевосита Мирзачўл даштининг илк хўжакларидан бўлган 1-«Боёвут» хўжалиги билан боғлиқ. У 1925 йилда ташкил топган бўлиб, Боёвут туманининг оёққа туришида таянч вазифасини бажарган.

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 1955 йил 20 апрелдаги Фармонига асосан Боёвут тумани ташкил этилиб, унинг таркибига 1-«Боёвут», 2-«Боёвут», 3-«Боёвут», 4-«Боёвут» ҳамда яна 4 та қишлоқ Советлари киритилган эди. Уларнинг таркибида 1, 2, 3, 4 – «Боёвут» давлат хўжаликлари ва 6 та жамоа хўжаликлари фаолият кўрсатарди. 1956 йилдан бошлаб «Фарҳод» хўжалиги ҳам Боёвут туманига қўшиб берилди.

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 1965 йил 21 сентябрдаги 990-сонли фармонига асосан Янгиер тумани  Боёвут тумани деб қайта номланди. Шундан буён Боёвут Боёвутлигича қолиб, ўз ўрнини, ўз мавқеини мустаҳкамлаб келаяпти.

Ўтган йиллар давомида Боёвут етук ва малакали кадрлар, уста бободеҳқон ва чорвадорлар тарбиялаб берадиган катта тажриба мактабига айланди. Бу ерда етишиб чиққан кадрлар ўзларига топширилган тармоқларни муваффақиятли бошқариб, халқ ишончини оқладилар. Шунингдек, Боёвутда Турсунбой Латипов, Тилов Абдалиев, Икром Ёров, Шарофат Бозорова, Бекки Саидов, Насиб Бекиров, Суяр Оролов, Тўрабек, Одил ва Собир Жўраевлар, Нарзулла Умиров, Иброҳим Шамалиев, Раззоқберди Эгамбердиев, Насиб-хўжа Мирзахўжаев, Фармонқул Суяров, Тошпўлат Шокиров, Мария Котова, Холбуви Худойбердиева сингари ўнлаб, юзлаб пахтачилик ҳамда чорвачилик усталари етишиб чиқди.   

Шуни таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалиги туман халқ хўжалигининг асосий ва етакчи тармоғи ҳисобланади. Қуйида шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз.

1928 йилда Ўзбекистонда бор-йўғи 6 та йирик пахтачилик давлат хўжалиги фаолият юритган бўлса. 1-«Боёвут» хўжалиги ана шулардан бири сифатида 1715,0 гектар, 1929 йилдан бошлаб эса 1850 гектар майдонда деҳқончилик қила бошлади. Хўжаликнинг биринчи раҳбари Владимир Григорьевич Почандо бўлиб, у турли миллат ва элатлар вакиллари бошини бир қилиб, давлат хўжалигининг иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган.

Хўжаликнинг юксалишида турли даврларда Қосим Валиев, Нарзулла Умиров, Бобо Умрзоқов, Қўшоқ Маҳкамов, Шарофат Бозорова, Тилов Абдалиев, Музаффар Сафаров, Тошбек Шоимов, Аҳмад Исматуллаев, Содиқ Отахонов, Абдужаббор Ҳакимов, Ғафуржон Алиев сингари раҳбар кадрларнинг меҳнати катта бўлди. Хўжалик бугунги кунда ҳам қиш-лоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириб, фермерлик ҳаракатини янада мустаҳкамлаш, кўп тармоқли фермер хўжалигини ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш бўйича ибратли ишларни олиб бораяпти.

Туманнинг иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшган хўжаликларидан яна бири 4-«Боёвут» давлат хўжалиги бўлиб, у 1940 йилда ташкил топган. Хўжаликка тақдир тақозоси билан 1955-1962 йилларда ўзбек Усмон Юсупов раҳбарлик қилди. У.Юсупов ота ўз иш фаолиятида деҳқончилик маданиятини ошириш, боғ-роғлар ташкил этиш, ободонлаштириш, уй-жой қуриш, айниқса, ўз қўли остида ишлаётган кадрларни тарбиялаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор берар эди.

1962 йилда хўжалик чегараларига ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан 4-«Боёвут» хўжалиги 2-«Боёвут» хўжалиги деб юритила бошланди. Хўжаликнинг юксалишида Турдали Қўчқоров, Суяр Оролов, Эшбек Маматқулов, Усмонхон Эшонхонов, Икром Ёров, Баҳром Ёмонқулов, Усмон Абдурасулов, Мария Котова каби пахтакор ва чорвадорларнинг меҳнати катта бўлди. Шу ўринда таълим-тарбия, маданият ва маърифат соҳасида Ҳамро Жумаев, Йўлдош Бобоев, Толиб Ризаев, Лайло Ёқубова, Раҳмон Норчаев, Абдусоли Орифжонов сингари кўплаб устозларнинг самарали меҳнатларини ҳам айтиб ўтиш муҳимдир.

1949 йилда 1-«Боёвут», 2-«Боёвут» хўжаликлари чегаралари қайтадан кўриб чиқилиб, уларнинг негизида 7 та бўлимдан иборат 3-«Боёвут» хўжалиги ташкил этилди. Унга 6755 гектар майдон ажратиб берилди. Хўжаликка биринчи раҳбарлик қилган Константин Степанович Пак бўлиб, у кўплаб ташкилий масалаларни ҳал этишда, пахтачилик ва чорвачиликни янада ривожлантиришда сезиларли фаолият юритди. Қуддус Рашидов, Шораҳим Шоумаров, Шамсиддин Тетуев, Раҳмонқул Сувонқулов, Мурод Шукуров, Раҳмат Ҳатамов, Примқул Йўлдошев, Сайдулла Абдуқодиров, Султон Раҳмонқулов, Ғафуржон Алиев, Қаҳрамон Холиқбердиев каби раҳбарларнинг самарали меҳнатлари туфайли хўжалик  туман, вилоят ва республика  миқёсида элга танилди, маш-ҳур бўлди.

Тумандаги ҳозирги Турсунбой Латипов номли сув истеъмолчилар уюшмаси  1947 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг эришган натижалари довруғи бутун республикага таралди. Бунда хўжаликка раҳбарлик қилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Турсунбой Латиповнинг жуда катта хизматлари бор. У раҳбарлик қилган даврда кўплаб тажрибали ўрта бўғин раҳбарлари етишиб чиқди. Хўжаликда янги уй-жой массиви қурилишлари, йўлларни таъмирлаш, боғдорчиликни ривожлантириш, маданият, халқ таълими иншоотлари қурилиши айнан Турсунбой Латипов меҳнат фаолияти билан узвий боғлиқ.

Тумандаги ҳозирги «Тараққиёт» хўжалиги 1948 йилда ташкил топган бўлиб, у 1066 гектар майдонга эга эди. Хўжаликка дастлаб Юсуф Хўжабеков раҳбарлик қилди. Бу даврда хўжаликда кўплаб моҳир пахтакорлар, таълим, ободонлаштириш бўйича ўз касбининг фи-дойилари етишиб чиқди. Тош-пўлат Шокиров, Раҳмат Ҳатамов, Суннат Шукуров, Сувонқул Худойшукуров, Бекки Саидов,  Йўлдош Ашуров, Актам Ҳатамовлар шулар жумласидандир.

«Деҳқонобод» хўжалиги 2665 гектар ер майдонига эга бўлиб, унга 1948 йилда асос солинган. Унинг юксалишида Шомурод Холмуродов, Ислом Тошбоев, Абдусамат Исматов, Жониқул Примқулов, Холбек Омонлиқов, Ўскан Хидиров, Аҳмад Исматуллаев, Камолиддин Муҳиддинов, Неъмат Умрқулов, Комилжон Аҳматқуловдек раҳбарлар, Прим Жапақов, Ғайбулла Ўролов каби фидокор инсонларнинг меҳнатлари катта бўлган.

Тумандаги Ш.Рашидов номли хўжалик 1974 йилда ташкил этилиб, унинг        1022 гектар ер майдони бор. Хўжаликка Абдусамат Исматов, Анорбой Тошматов, Камолиддин Муҳиддинов, Юсуф Сарибоев, Эркин Оқжигитов каби раҳбарлар бошчилик қилиб, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшдилар.

«Ғалаба» хўжалиги 1979 йилда 2835 гектар суғориладиган ер майдонлари ҳисобидан ташкил топган бўлиб, унинг оёққа туришида Шукур Сулаймонов, Маматқул Бурҳонов, Аҳад Примқулов, Адамқул Хўрозов, Абдусаттор Миравитов, Ортиқбой Пирматов, Жумабой Кодирқулов, Жумабой Бердиқулов каби раҳбарларнинг ва Баҳри Бобоқулова, Холмурод Эргашевдек халқ таълими фидойиларининг сезиларли хизматлари бор.

«Ғаллакор» хўжалиги 1982 йилда 1-«Боёвут» хўжалиги негизида 2380 гектар ер майдони билан ташкил этилди. Примқул Йўлдошев, Мурод Шукуров, Ғафуржон Алиев, Райимқул Ҳайитқулов, Раҳмонқул Холбоевлар раҳбарлик қилган даврда хўжаликда ғаллачилик, пахтачилик, боғдорчилик ва чорвачилик сезиларли даражада ривожланди.

Алишер Навоий номли хўжалик 1990 йили Т.Латипов номли хўжалик негизида ташкил этилди. Ислом Умматов, Ғафуржон Ҳамидов, Шодмонқул Жўраевлар етакчилик қилган йилларда хўжалик мустаҳкам оёққа туриб, туманда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Комил Сангилов, Фармонқул Суяров, Қаршибой Эсонов, Эргаш Донаев, Холбўта Маманов, Турдибек Ҳайитбоев,   Умрқул Эшонқулов сингари ўнлаб фидокор инсонларнинг меҳнатларини ҳамқишлоқлари ҳанузгача илиқ хотирлайдилар.

Носир Маҳмудов номли хўжалик 1991 йили «Тараққиёт» хўжалиги таркибидан мустақил хўжалик сифатида ажралиб чиқиб, 750 гектар ер майдонида деҳқончилик қилди. Хўжаликка Хўжамқул Муродов, Примқул Йўлдошев, Абдужалол Самадов, Маматқул Эралиев, Карим Сарибоевлар раҳбарлик қилган даврда пахтачилик, чорвачилик сезиларли даражада ривожланди, ҳосилдорлик ошди.

«Наврўз» хўжалиги 1994 йилда Т.Латипов номли хўжалик таркибидан ажралиб чиқиб, мустақил хўжалик сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унга Ҳабиб Эшонқулов, Жўрабой Зулҳайдаров, Тўрабек Умрзоқов, Турсунқул Худойқулов, Йигитали Жалилов,  каби раҳбарлар етакчилик қилдилар. Хўжаликда пахтачилик, ғаллачилик соҳасида кўзга ташланадиган ўзгаришлар юз берди, ижтимоий йўналишдаги ишларга эътибор кучайтирилди.

«Навбаҳор» хўжалиги 2004 йили вилоят ҳокимининг қарори билан Ховос туманидан Боёвут тумани тасаруффига ўтказилиб, дастлаб унга Абдужаббор Каримов раҳбарлик қилди. Пахтачилик, шоличилик ҳосилдорлиги ошиб, хўжаликнинг ўзини тиклаб олишида зарур амалий ёрдам кўрсатилди.

«Ширин» хўжалиги ҳам ҳудди шундай вилоят ҳокими қарори билан 2004 йилда Ховос туманидан Боёвут тумани тасаруффига ўтказилди. Боғдорчилик йўналишидаги ишларни йўлга қўйишда хўжалик мутасаддилари жонбозлик кўрсатишди.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, туманнинг, шу жумладан, хўжаликларнинг оёққа туриши ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишида Боёвут шаҳарчаси марказидан ўтувчи Жанубий Мирзачўл каналининг жуда катта ўрни бор. 1960 йил 25 декабрда ушбу каналнинг биринчи навбатини ишга туширилган.

Каналнинг иккинчи навбатини ишга тушириш, уни таъмирлаш, кенгайтириш борасидаги ишлар тажрибали инсон, ҳар томонлама етук раҳбар, Самарқанд вилоятининг тўртта туманига етакчилик қилиб, эндиликда Боёвут туманини бошқараётган Суюн Тўхлиевич Тўхлиев даврида бажарилди. У киши 1969 йилдан 1981 йилгача туманга раҳбарлик қилиб, катта ҳажмдаги ирригация – мелиорация ишларини амалга ошириб, деҳқончилик маданиятини юксак поғонага кўтаришга эришди. Натижада туманда пахта ҳосилдорлиги олдинги 14-16 центнердан 26-28 центнергача кўтарилди.

Шу йиллар давомида туманда пахтачилик билан бир қаторда чорвачилик, боғдорчилик, ободончилик, маданият ва спорт, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимларида ҳам катта ижобий ишлар амалга оширилди. Яна шуни алоҳида айтиш жоизки, Боёвутда саноат, қурилиш, савдо-сотиқ сингари энг зарур тармоқлар иши ҳам яхши йўлга қўйилди. Натижада туманимиз республикамиздаги халқ хўжалигининг барча тармоқлари бир маромда ривожланаётган ҳудудлардан бирига айланди.

Шу ўринда яна бир нарсани эслатиб ўтишни лозим, деб ҳисобладик. Айнан Суюн Тўхлиевич Тўхлиев ишлаган йилларда Боёвут тажрибали, етук ва малакали раҳбар кадрлар тарбиялаш мактабига айланди. Олдинлари йирик-йирик хўжаликларни моҳирона бошқарган Содиқ Отахонов, Раҳмат Ҳатамов, Мурод Шукуров, Маҳбубулла Ибодуллаев, Шамсиддин Тетуев, Примқул Йўлдошев, Султон Раҳмонқулов вилоятимиздаги қатор туманларга раҳбар этиб сайландилар. Вилоят ва республикамизда раҳбарлик лавозимларида ишлаётган боёвутлик кадрлар сафи янада кенгайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди Суюн Тўхлиевич Тўхлиев Боёвутда ҳам иқтисодий билимларни кенг ўрганиш ҳамда ҳаётга тадбиқ этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор берди. Шу мақсадда ёнига Турабек Туротов, Турдиқул Абдуқодиров сингари ёш, интилувчан иқтисодчиларни тўплаб, Сирдарё вилоятида биринчи бўлиб туман партия қўмитаси қошида иқтисодиёт хонасини ташкил этиб, қизиқарли машғулотлар олиб борди. Ўша пайтларда Москвада нашр этиладиган марказий газеталар жонкуяр ва ажойиб иқтисодчи С.Т.Тўхлиевнинг бу борадаги тажрибаларини кенг тарғиб этганига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз.

Энди ўтган 65 йил давомида туманимизга раҳбарлик қилган инсонларни санаб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмас деб ўйлаймиз. Турли йилларда туманга Абдулла Мирдадаев (1955-1956), Мурод Раупов (1956-1957), Расул Ғуломов (1957-1959), Аркадий Сардаров (1960-1964), Абдулҳақ Абдушоҳидов (1964-1966), Ҳазрат Каримов (1966-1969), Суюн Тўхлиев (1969-1981),  Абдуллажон Турдиқулов (1981-1985), Саидаҳмад Аҳмадқулов (1985-1989), Иброҳим Ибодуллаев (1989-1991), Ғафуржон Алиев (1991-1994), Аҳадқул Примқулов (1994-1998), Эргашбой Дадабоев (1998-2004), Абдураззоқ Абдуназаров (2004-2007), Дилмурод Фозилов (2007-2010), Дониёр Ботиров (2010-2015), Абдураҳмон Ғайбуллаев (2015-2016), Раҳимжон  Бобоев (2016-2017), Ойбек Ашурматов (2017-2018) ва Ўлмасжон Мамадаминов (2018 йилдан ҳозирги кунгача) раҳбарлик қилди.

Биз юқорида туманнинг ташкил топиши, унга бошчилик қилган раҳбарлар, қишлоқ хўжалиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик. Энди бошқа тармоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўтган йиллар давомида халқ таълими тизимида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Туман ташкил этилган пайтда 24 та ўрта, 11 та тўлиқсиз ўрта мактаб, 1 та кечки ишчи-ёшлар мактаби, 1 та мактабдан ташқари таълим муассасаси, 13 та болалар боғчаси фаолият кўрсатар эди. Жорий  йилда эса бу йўналишда 54 та умумтаълим мактаби, 30 та мактабгача таълим муассасаси, «Баркамол авлод» маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби,  болалар мусиқа ва санъат мактаби, бундан ташқари вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда ҳорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида туманнинг 27 мингга яқин ўғил-қизлари таълим олмоқда.

Шу ўринда халқ таълими тизимида фидойилик ва жонбозлик билан меҳнат қилиб, давр талаблари даражасига кўтарган педагог ва устозлар, раҳбарлардан айримларини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Улар орасида элга танилган Дўсбек Сулаймонбеков, Абдурауф Абдужалилов, Бегимқул Примқулов, Эшқўзи Жониқулов, Қаршибой Эшназаров, Муродқул Дўстмаматов, Тўлқин Мирзақобилов, Каримжон Исмоилов, Самад Қаюмов, Болта Рўзиниёзов, Қодир Сулаймонов, Пётр Беловцов, Йўлдош Ашуров, Актам Ҳатамов, Карима Ўринбоева, Баҳри Бобоқулова, Машҳура Мавлонова, Анорқул Очилов, Ҳасан Ҳайдаров, Бувсара Умирова, Холмўмин Ашуралиев, Мушарраф Турдимуродова сингари ўнлаб устозлар бўлганлиги билан фахрланамиз.

Туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник асосини мустаҳкамлаш борасида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Агар 1950-1960 йилларда туманда марказий касалхона, 9 та қишлоқ участка касалхонаси, 1 та сил касалликлари диспансери, 1 та марказий дорихона, 1 та санитария-эпидемиология станцияси, 22 та фельдшер-акушерлик пунктлари фаолият кўрсатган бўлса, мустақиллик йиллари бу шоҳобчаларнинг сони, уларнинг моддий-техник асоси янада мустаҳкамланди.

Бугунги кунда туманда 5 та қишлоқ врачлик пункти, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, марказий касалхона ва кўп тармокли марказий поликлиника, 18 та дорихона, 1 та санитария-эпидемиология назорати маркази фаолият юритмоқда. 1994-2020 йиллар давомида 5 та қишлоқ врачлик пункти, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 17 миллиард сўмлик кўп тармоқли поликлиника биноси, марказий шифохона ва «тез ёрдам» бўлими, туғруқхона учун замонавий лойиҳада қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Марказий касалхона қурилиш ишларини 2015 йилнинг 3-чораги охирига қадар тугатиш чораси кўрилмоқда.

Тармоқни ислоҳ қилишда, уни ҳозирги замон талаблари асосида ривожлантиришда туман соғлиқни сақлаш бўлимини 30 йилдан ошиқроқ бошқарган ажойиб раҳбар Ваҳоб Мираюпов ва у кишининг шогирдлари Зафар Йўлдошев, Абдумавлон Давлатов, Ўрозали Норбўтаев, Абдураҳмон Ботиров, Баҳодир Жумабоев, Суюнбой Файзуллаев каби шифокорларнинг, шу билан бирга Худойберди Файзиев, Бозорбой Худойбердиев, Каримқул Алиқулов, Отақўзи Қурбонов каби санитария-эпидемиология назорати маркази шифокорларининг самарали меҳнатлари бор.

Туманда маданият соҳасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтилганда, бу борада кўплаб юмушлар бажарилганини кўрамиз. 1970 йилларда туман аҳолисига 1 та маданият уйи, 1 та катталар ва 1 та болалар кутубхонаси, 2 та қишлоқ кутубхонаси, 2 та кўчма автоклуб, 1 та маданият ва истироҳат боғи хизмат кўрсатар эди. Уларнинг деярли барчаси мослаштирилган биноларда жойлашган бўлиб, хизмат кўрсатаётган маданият ходимларининг 20-25 фоизигина махсус маълумотга эга эди.

Туманда маданият соҳасини ривожлантиришда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Онахон Жумаева ҳамда у кишининг шогирдларидан Холмўмин Ашуралиев, Ғафуржон Шербоев, Султон Эгамбердиев, Маҳкам Наврўзов, Аъзамжон Тўхтасинов, Шукур Жумаев, Ҳабибулло Райимов, Осиё Сатторова, Ойдин Эшқозоқова каби ўнлаб мутахассис ва санъаткорларнинг хизматлари катта бўлди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган йилларда маданият соҳасига ва маънавиятга жуда катта эътибор қаратилди. 2016 йил “Ҳуррият” номли маданият маркази қайта реконструкция қилинди. Ҳозирги кунда Боёвут шаҳарчасидаги “Боёвут” марказий маданият уйи капитал таъмирланмоқда. 2019 йилда кутубхона ташкил этилди. Шунингдек маданият ва истироҳат боғида ҳам кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда туманда спортни оммалаштириш, айниқса, бу ишга ёшларни кенгроқ жалб қилиш, баркамол авлод тарбиясида спортнинг ролини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда туманимизда спортнинг 12 та оммавий тури ривожланган бўлиб, бунда ёшларимиз футбол, белбоғли кураш ва шахмат йўналишларида ғолиблар қаторидан жой олиб келишмоқда. Шу ўринда шахмат бўйича кўп карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Сарвиноз Қурбонбоева, белбоғли кураш бўйича вилоят ва республика ғолиби бўлган Т.Латипов номли хўжалик полвонларидан Турсунбой Ширинов каби спорт усталари ва мураббийлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Боёвутлик ижодкор ва изланувчан журналистларни республикамизда кўпчилик яхши танийди. Улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Алиқул Хонимқулов, Абдухолиқ Абдураззоқов, ажойиб истеъдод эгалари Йўлдош Бобоев, Бойжигит Абдуллаев, Одил Ортиқов, Олимжон Оқбўтаев,  Примқул Дўстмаматов, Ҳасан Зикриллаев ва Орзиқул Абдусаматов сингари ўнлаб устозларнинг фидокорона меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва аҳамияти катта бўлди. Дастлаб туманимизда мавжуд бўлган 9 та қишлоқ Кенгаши кенгайиб, бугунги кунда 38 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Улар айни вақтда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ваколатига кирган 30 дан ортиқ вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда. Бу борада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Тошпўлат Мирзақобилов, Комил Сангилов, Прим Жапақов, Шодмонқул Облоқулов, Эржигит Мингжигитов, Сайдулла Абдуқодиров, Раҳмон Норчаев, Ўскан Хидиров, Мақсуда Умархўжаева, Муҳиддин Умаров, Жўрабой Қўшдошев, Абдуғаффор Абдунабиев ва Маматқул Турдимуродовларнинг номлари ҳамиша ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади.

Боёвутликлар аҳолига савдо хизмати кўрсатишда намуна бўлган Ғайбулла Хўжақулов, Қодирқул Эралиев, Анорбой Қорабоев, қурувчилардан Ислом Пардаев, Сайфулла Умиров, Арслон Ўринбоев, Абдулла Мирзаев, пахта тозалаш саноатидан Собиржон Исмоилов, Ҳусниддин Турдиметов, моҳир алоқачи Райим Марқаев, матбаачи Маҳмуджон Расулов, МТП раҳбари Ҳамид Маҳкамов, банкир Қурбонбой Муҳаммадиев, агроном Примқул Умаров, “Ватанпарвар” ташкилоти раҳбари Султонмурод Жўрамуродов, автомобилчи Тотлибой Холбоев ва Исмоилжон Усмонов, молиячи Сайдазим Эшқозоқов ва Худойберди Набиев, ёшлар етакчиси Абдусамат Ҳасанов каби ўз касбининг усталари, фидойи раҳбарларнинг туман ривожига қўшган ҳиссаларини юксак қадрлайдилар.

Туманда раҳбар кадрларни танлаш ва тарбиялашда Ўринбой Имомқулов, Даврон Ғозибеков, Зоя Турдиева, Орзиқул Абдусаматов, Нурой Жўраева, Абдулла Алибеков каби меҳнат фахрийларининг хизматларини эслаб ўтиш ўринлидир. Шу нингдек, ёшлар билан ишлаш, уларнинг орасидан энг муносиб, энг иқтидорли ва келажаги порлоқ йигит-қизларни тарбиялашда Абдуғаффор Алимов, Неъмат Умрқулов, Одилжон Аҳматқуловларнинг муносиб ҳиссалари бўлган ҳамда бугун бу ишларни Ёшлар иттифоқининг ёш кадрлари давом эттирмоқда.